Халқаро стол тенниси федерацияси (ITTF) таснифидаги “WTT Youth Contender Tashkent 2025” стол тенниси турнири 28 – 31 май кунлари Тошкент шаҳридаги “Ҳумо Арена” мажмуасида ўтказилди.
Стол тенниси бўйича халқаро даражадаги мусобақа Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба ташкил этилди ва унда 5 та ёш тоифасида (U11, U13, U15, U17 ва U19 гача) 16 мамлакатдан 300 дан ортиқ спортчилар баҳс олиб борди.
Турнирнинг аҳамияти спортчилар халқаро рейтинг мавқеини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда ушбу спортни оммалаштириш, жаҳон миқёсидаги келгусида ўтказиладиган йирик мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўриш имконига эга бўлади.
Бизнинг спортчиларимиз ҳам имкониятдан тўлиқ фойдаланишди — жами 87 нафар (улардан 46 нафар аёл) спортчи иштирок этди.
Спортчиларимиз кўрсатган натижалар:
•Ярим финалга чиққанлар — 9 нафар
•Финалга чиққанлар — 7 нафар
•Ғолиблар — 4 нафар
Тантанали тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси Шерзод Кудбиев, Халқаро стол тенниси федерацияси Юқори натижалар ва ривожлантириш бўлими раҳбари Елена Дружкова ва бошқа юқори даражали меҳмонлар ғолиб ҳамда совриндорларни тақдирладилар.
“WTT Youth Contender Tashkent 2025” турнири яна бир бор Ўзбекистонда спорт салоҳиятининг юксалиб бораётганини намоён этди. Ушбу мусобақа билан чегараланилмасдан, Ўзбекистонда илк бор яна бир катта тадбир – 2025 йилнинг 26 июнь – 2 июль кунлари Осиё стол тенниси иттифоқи билан биргаликда 30 га яқин давлатлар иштирокида ёшлар ўртасида ХХИХ Осиё чемпионатини ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.