Мамлакатимизда  юқори натижа кўрсатаётган спортчиларга интилиб, уларга ҳавас қилиб, ўз олдига катта-катта мақсадларни қўяётган ёшлар сафи тобора ортиб бормоқда. Ана шундай юқори натижаларни қайт этиш йўлида тинимсиз меҳнат қилаётган спортчиларимиздан бири Қутбилло Тешабоевдир.



Андижонлик Қутбилло олти ёшида амакиси Худоёрбек Тешабоев қўл остида стол тенниси сирларини ўргана бошлайди ва мазкур спорт турига меҳр қўяди.
Ўзбекистон стол тенниси федерацияси матбуот котиби Ниғмонхўжа Нозимов билан бўлган суҳбатда, Қутбилло Тешабоев айни кунларда нималар билан шуғулланаётгани, спортчилик фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди.

– Мазкур спорт тури билан шуғулланишни маслаҳат берган амакимдан миннатдорман. Стол теннис билан шуғулланиш давомида соғлом бўлиб вояга етдим ва ҳеч қаерда ўхшаши йўқ бўлган уч босқичли тизимнинг “Умид ниҳоллари” ва “Баркамол авлод” мусобақаларида иштирок этиш шарафига муяссар бўлдим.
Спорт билан шуғулланишим мобайнида мамлакат миқёсидаги мусобақаларда ўз тажрибамни ошириб келмоқдаман. Жумладан, ўтган йили мамлакат чемпионати финалида ҳамюртимиз Зоҳид Кенжаевга қарши ўтган ўйин мен учун унутилмас бўлди. Мазкур баҳсда менга бироз омад етишмади ва кутилмаганда 3:2 ҳисобида мағлубиятга учрадим. Гарчи мағлубиятга учраган бўлсам-да, ўз хато ва камчиликларимни билиб олишга муяссар бўлдим.

Мамлакатимизда биз спортчиларга қаратилаётган эътибор ва яратилган шарт-шароитлар учун Президентимизга, Миллий олимпия қўмитаси ва мамлакатимиз стол теннис федерациясига миннатдорчилик билдираман.

Ўзбекистон стол тенниси федерацияси матбуот хизмати