Маҳоратли таэквондочимиз Нигора Турсунқулова “Улар Токиога боришади” лойиҳамизнинг бугунги қаҳрамони бўлади. Ушбу мақоламизда Турсунқулованинг фаолиятига оид қизиқарли маълумотларни келтириб ўтамиз.

Нигора Акмал қизи Турсунқулова 1999 йил 4 апрель куни Жиззах вилоятида туғилган. Таэквондо спортига акаси орқали қизиқиб қолган ва ҳозирда терма жамоамизнинг етакчи вакилларидан бири бўлиб келмоқда. Биринчи ва ҳозирги мураббийи Дмитрий Хван.

Нигора 2012 йил Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига қабул қилинди ва шундан бери ёшлар, сўнгра катталар терма жамоасида ўз ўрнига эга бўлди. Фаолияти давомида қўлга киритган асосий ютуқларидан бири Рио-2016 Олимпия ўйинларидаги иштироки дейишимиз мумкин. 17 ёшида Олимпия ўйинларига йўл олган таэквондочимиз Рио-2016 Олимпиадасида делегациямиз таркибидаги энг ёш спортчи эди. Олимпиадада эса ёш бўлишига қарамай чорак финалгача етиб келди.

2017 йил Боку шаҳрида ўтган Ислом бирдамлиги мусобақасида бронза медали соҳиби бўлди. 2018 йил эса Осиё чемпионатида олтин, Осиё ўйинларида бронза медалини делегациямиз ҳисобига қўшиб қўйди. 2019 йил Бутунжаҳон ҳарбийлар ўйинларидан кумуш медаль билан қайтди.

Спортдан ташқари ижтимоий ва бошқа соҳаларда ҳам фаол бўлган таэквондочимиз ҳукуматимиз томонидан “Зулфия” номидаги давлат мукофоти ва “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

2021 йил май ойида Иорданиянинг Амман шаҳридаги лицензион мусобақа орқали -67 кг вазн тоифасида Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олди.