Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш, аҳолини соғлом турмуш тарзига жалб қилиш борасида кўрилаётган чоралар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов, вазирликнинг бошқарма бошлиғи Азиз Ҳасанов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси бош котиби Аваз Максумов ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Маълумки, 2020 йил 3 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳам қабул қилинди.

Мазкур қарор орқали Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиали, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Спортчиларнинг техник-тактик, психофизиологик ҳолатини ўрганиш ва таҳлил қилиш бўйича махсус илмий лабораторияси негизида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти ташкил этилади.

Шунингдек, Қарорда 2020 йил 1 декабрдан бошлаб Университет республикадаги барча жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат ташкилотлари ҳамда спорт федерациялари (уюшмалари) фаолияти устидан ўқув ва илмий-услубий раҳбарликни амалга ошириши ҳам белгилаб қўйилган.

Университет ҳузурида жамоатчилик асосида доимий фаолият юритадиган Республика илмий-услубий кенгаши ташкил этилади. 2021 йилдан бошлаб ҳар йили жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришга ва соҳадаги муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга қаратилган лойиҳалар танловлари мунтазам ташкил этилади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент фармацевтика институти ва бошқа олий таълим муассасаларида спорт тиббиёти, фармакологияси, реабилитологияси, психологияси ва диетологияси мутахассисликлари йўлга қўйилади.

“Бугунги кунда спорт соҳасида илм жуда муҳим. Ҳозир дунёнинг ривожланган давлатларида спорт соҳасида чуқур тадқиқотлар олиб борилмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти эса мамлакатимиз спорти тараққиётини янги босқичга олиб чиқишга қодир олимларни етиштиришга хизмат қилади”, - деди анжуманда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Азиз Ҳасанов.

Президент қарори билан 2020 йилнинг якунига қадар спорт-таълим муассасалари ҳамда спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар) учун босма нашрларни чоп этиш мақсадида Университетда «Жисмоний тарбия ва спорт» нашриёти ва босмахона фаолияти йўлга қўйилиши ҳақида ҳам маълумот берилди.