Инсон танаси доимий ҳаракатланиб туришга мослашган.

Сабаби, кўп асрлар бурун одамлар ҳам бошқа жонзотлар каби ўз озуқасини жисмоний ҳаракати орқали топган. Аммо, ХХ аср, яъни фан-техника асрининг сўнгги чорагига келиб инсонлар кўпроқ ақлий меҳнат орқали кун кўрадиган бўлиб қолишди. Бу эса камҳаракатлилик, бунинг ортидан келиб чиқадиган семизлик, ортиқча вазн оқибатида келиб чиқувчи бир қатор касалликларнинг кўпайишига олиб келди.

Кўпчилик кун давомида қилган ишларини мисол келтириб, “биз жисмоний тарбия машғулотларини бажармасак ҳам бўлади”, дейишади. Айниқса, онахонларимиз “эрталаб туриб ҳовли супураман, овқат тайёрлайман, мана шуларнинг ўзи эрталабки бадантарбиянинг ўрнини босади”, дея таъкидлайди.

Аммо бу ишларни бажараётганда хато қилмаслик учун, ақлимизни ҳам фаол ишлатамиз. Шунинг учун бу жисмоний тарбия машғулотларига кирмайди. Жисмоний тарбия машғулоти пайтида эса мия дам олиб, фақатгина жисмоний ҳаракатни амалга оширишимиз керак.

Кечки овқатдан сўнг 3-4 километр пиёда сайр қилиш таомнинг яхши ҳазм бўлишига фойда беради. Шунингдек, кишининг жисмоний фаоллигини ҳам ошириб, кўп касал бўлишнинг олдини олади.

Шундай экан, жисмоний меҳнатни жисмоний машғулот ёки бадантарбия билан адаштирманг. Ўз вақтида ва мунтазам жисмоний тарбия билан шуғулланинг ва соғлом бўлинг!