Токиога ташриф буюрган ХОҚ президенти Томас Бах сешанба куни Япония ва дунёнинг бошқа мамлакатларидан келган спортчилар билан бирга Олимпия шаҳарчаси ва асосий стадионга сайр уюштирди.

Президент Бах Токиога “Олимпия ўйинларига энг яхши тараддуд кўрган шаҳар”, дея аллақачон таъриф бериб қўйган. Иншоотларга сафари олдидан у шу саналарда Токиода расмий ташриф билан бўлиб турган Aвстралия Бош вазири Скотт Моррисон билан учрашди. Хабарингиз бор, Бош вазир Моррисон Aвстралия ҳукумати 2032 йилги Олимпиадани ўтказиш учун Квинсленднинг номзодини тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган эди.

Учрашувдан сўнг ХОҚ раҳбари Токио-2020 Олимпиадаси учун 9000 дан зиёд спортчи, жами 17 000 нафар меҳмонни қабул қиладиган Олимпия шаҳарчаси сари йўл олди. Триатлончи Уеда Aи, паралимпия бадминтони бўйича атлет Сатоми Сарина ва қиличбоз Чида Кента билан учрашувдан сўнг, биргаликда спортчилар тураржойини бориб кўришди.

Президент Бах меҳмонлар яшайдиган ҳудуд имкониятларини юқори баҳолаб, спортчиларга шундай деди: «Шаҳарча жуда яхши манзилда жойлашган, ёруғлик етарли. Яқин атрофда кўриниб турган рамзий Камалак кўприги ниҳоятда ажойиб. Ҳудуд энг яхши маскан бўлиши керак».

Сўнгра учала спортчи ХОҚ президенти билан бирга 5000 кишига мўлжалланган овқатланиш хонасини бориб кўрди. Муҳташам Олимпия стадионида ҳам бўлган Томас Бах «иншоотни илҳомлантирувчи» деб таърифлади.

 

Стадион лойиҳаси Кенго Кума томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу мутахассис Лозаннадаги Олимпия уйи қурилишида ҳакамлар ҳайъати таркибида ҳам ишлаган.

Президент Бах кунни Япония Олимпия музейидаги Олимпия машъаласини зиёрат қилиш билан якунлади. Унга япониялик бир нечта спортчилар ва дунёнинг турли мамлакатларидан келган Олимпиада стипендиялари соҳиблари ҳамроҳлик қилишди.