Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Тезкор штаби олимпия спорт турларини ўрганиш жараёнини давом эттиради.

Режага мувофиқ штаб аъзолари Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясига ташриф буюришди.

Унда МОҚ раиси Р.Шоабдураҳмонов, МОҚ раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи, Тезкор штаб раҳбари Ш.Ташматов, Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори А.Садиков ва Паралимпия ассоциацияси раиси М.Ташходжаев ҳамда ассоциация мутахассислари иштирокида спортчилар билан бевосита мулоқот ўтказилди.

Суҳбат давомида ассоциация раҳбарияти билан бўлажак йирик мусобақалар, жумладан Токио-2020 ҳамда Париж-2024 Паралимпия ўйинларига тайёргарлик масаласи ҳам муҳокама қилинди. Тезкор штаб аъзолари бу борада спортчиларга яратиб берилган шароитлар билан танишди.

Шуни таъкидлаш керакки, Рио-2016да паралимпиячиларимиз 32 нафар спортчи билан иштирок этиб, 8 та олтин, 6 та кумуш ва 17 та бронза, жами 31 та медални қўлга киритишган ва умумжамоа ҳисобида 16-ўринни эгаллашган эди.

 

Бўлажак Паралимпия ўйинларида уларга бундан ҳам яхши натижа қайд этиш вазифаси қўйилиб, бунинг учун барча шарт-шароитлар яратиб берилишига алоҳида эътибор қаратилди.

МОҚ раиси Р.Шоабдураҳмонов айни дамда Миллий Паралимпия марказида ўқув-йиғин машғулотларини ўтказаётган парадзюдо, пара пауэрлифтинг ҳамда пара енгил атлетика терма жамоалари аъзолари билан бевосита мулоқот қилиб, уларни қийнаётган муаммолар билан қизиқди.

Ўз навбатида, спортчилар ва мураббийлар ассоциация раҳбарияти томонидан уларнинг халқаро мусобақаларга юқори даражада тайёргарлик кўриши учун барча зарур шароитлар яратиб берилганини маълум қилишди.