Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги собиқ «Насаф» ўйингоҳи ўрнида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий архитектура лойиҳаларига мувофиқ «Сузиш маркази» фойдаланишга топширилган.

Ушбу мажмуа қурилиши учун 52 млрд. сўм маблағ сарфланган бўлиб, сув спорти саройи халқаро талабларга мос равишда, энг сўнгги русумдаги сувни иситиш-тозалаш ускуналари билан жиҳозланган.

Қарши шаҳридаги сув спорти саройининг ўзига хос жиҳатларидан бири, бу спорт саройида миллий менталитетимиздан келиб чиққан ҳолда ўғил болалар ва қизлар учун алоҳида 2 та сузиш ҳавзаси барпо этилган.

Қашқадарё вилоятининг сузиш бўйича терма жамоалари (ўсмирлар, қизлар, ёшлар ва катталар) мазкур сув спорти саройида машғулотларни олиб боришади.

Ушбу спорт мажмуасидан Ўзбекистон чемпионати ҳамда халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш, жаҳон чемпионатлари ҳамда Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш мақсадида фойдаланилади.

Бу ерда сузиш билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилган бўлиб, замонавий фитнес (тренажёр) зали ҳам мавжуд. Мазкур сув спорти саройи бир кунда 240 нафар аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.