Оқолтин тажрибаси республикага жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13 октябрь куни Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Сардоба, Мирзаобод ҳамда Оқолтин туманлари фаоллари билан учрашувида юртдошларимизни соғлом турмуш тарзига ўргатиш, уларни жисмоний тарбия ва спортга фаол жалб этиш, тўғри овқатланиш, аҳоли, шу жумладан ёши катта фуқароларда ортиқча вазн пайдо бўлиши натижасида қанд касаллиги, шунингдек, турли юқумли бўлган касалликларнинг келиб чиқишини олдини олиш мақсадида аҳоли орасида соғломлаштирувчи жисмоний машқлар, юриш, югуриш, бадантарбия машғулотларини кенг оммалаштириш ҳамда уларга жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратдилар.

Шунингдек, ҳар бир маҳалла кесимида фуқароларни артериал қон босими, томир уриши, бўйи ҳамда вазни ҳақида маълумотлар базасини яратиш, ҳар чоракда фуқароларнинг саломатлигини мониторинг қилиб бориш ва пандемияни жисмоний тарбия ва спорт билан енгиш бўйича Оқолтин тумани намунасини республикамизга кенг жорий этиш ҳам таъкидлаб ўтилди.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорликда Оқолтин туманидаги «Янги Тошкент» маҳалласида ташаббускор ҳамда фидоий тренерлар ва ҳамширалар иштирокида ҳар бир фуқаронинг артериал қон босими, бўйи, вазни, қорин қисми ҳажмлари ўлчаниб, маълумотлар базаси шакллантирилди. Қолаверса, фуқароларнинг спорт турларига бўлган қизиқишлари ҳам ўрганилди.

Оқолтин туманидаги «Янги Тошкент» маҳалласида жами 7 та кўча (Сергели, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Амир Темур, Юнусобод, Чилонзор, Бектемир, Яккасарой) мавжуд бўлиб, аҳолининг умумий сони 1 115 нафарни (шундан 578 нафари аёллар), хонадонлар сони 131 тани ташкил этади.

Ташаббускор тренер ҳамда ҳамширалар уйма уй юриб, жами 687 нафар фуқаронинг артериал қон босими, бўйи, вазни, қорин қисми ҳажмларини ўлчаб чиқишди.

Шунингдек, ўтказилган сўров натижасида аҳолининг 164 нафари футбол, 76 нафари волейбол, 43 нафари баскетбол, 96 нафари бадминтон, 82 нафари «Wоркоут», 56 нафари стол тенниси, 34 нафари бадиий гимнастика, 69 нафари бокс, 29 нафари кураш ва 38 нафари бошқа спорт турларига қизиқиши аниқланди.

Тадбир давомида оммавий бадантарбия ва юриш тадбирлари ташкил этилиб, унга жами 378 нафар иштирокчи жалб этилди.