Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 11 декабрдаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 356-сонли қарорига асосан, 2016 йил 1 мартдан Учтепа туманида 2-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактаби иш фаолиятини бошлаган.


Ҳозирги кунда болалар-ўсмирлар спорт мактабида 11та олимпия (бадиий гимнастика, бокс, таэквондо ВТФ, теннис, енгил атлетика, оғир атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, академик эшкак эшиш, бадминтон, футбол, камондан отиш) ҳамда иккита миллий (белбоғли кураш, Турон жанг санъати) спорт турлари бўйича тўгараклар фаолият юритмоқда.

Спорт турлари бўйича мураббийлар сони 28 нафар бўлиб, шундан спорт устаси – 11 нафар, олий тоифали мураббий – 3 нафар, 1-тоифали мураббий – 12 нафар ҳамда 2-тоифали икки нафар тренер-мураббийлар шуғулланувчиларга сабоқ бериб келишяпти.

Спорт турлари бўйича 53 та гуруҳда ҳозирги кунда 530 нафар спортчи шуғулланиб келмоқда.

Учтепа тумани 2-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактаби туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими, Хотин-қизлар қўмитаси, Маҳалла хайрия жамғармаси, Халқ таълими бўлими, Мактабгача таълим бўлимлари билан ҳамкорликда оммавий жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ташкил этиб келмоқда.

БЎСМ шуғулланувчиларидан 2018 йилда 46 нафари, 2019 йилда 30 нафари, 2020 йилда 31 нафари спорт турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоаларининг асосий ва захира таркибига киритилган.

Ҳар йили Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида юздан ортиқ спортчи ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олиб келмоқда. Мисол тариқасида, БЎСМ тарбияланувчилари 2019 йилнинг ўзида спорт турлари бўйича Ўзбекистон чемпионатларида 33та олтин, 42та кумуш ҳамда 56та бронза медалларини қўлга киритишди.

Ҳозирда Учтепа тумани 2-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактабида янги сув ҳавзаси барпо этилган бўлиб, яқин кунларда ўз фаолиятини бошлайди.

Ушбу сув ҳавзасида сузиш, сув полоси, синхрон сузиш каби спорт турлари бўйича тайёргарлик олиб борилмоқда. Сузиш бўйича малакали тренер-мураббийлар ишга жалб қилиниб, 200га яқин болаларни сув спорти турларига қабул қилиш режалаштирилган.

Спорт мактаби тарбияланувчилари халқаро мусобақаларда ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Жумладан, улар томонидан халқаро спорт ареналарида 9та олтин, 4та кумуш ҳамда 11та бронза медаллари қўлга киритилган.

Ҳозирги кунга келиб БЎСМ тарбияланувчилари орасидан бадиий гимнастика, бокс, таэквондо ВТФ, камондан отиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, академик эшкак эшиш, белбоғли кураш ҳамда "Турон" спорт турлари бўйича ғолиб ва совриндорлар етишиб чиқмоқда. Ишонамизки, мазкур спорт мактаби тарбияланувчилари орасидан яқин йилларда олимпиада чемпионлари ҳам етишиб чиқади.