Хоразм вилоятида ташкил қилинаётган «Спорт ҳафталиги» доирасида кеча Урганч давлат университетида «Дўстлик» спорт фестивали ўтказилди.

Мазкур фестивалда азалдан қардош халқлар ҳисобланган ўзбек ва туркман ёшлари бир сафда туриб, оммавий спорт тадбирларида иштирок этишди.

Маълумот ўрнида, бугунги кунда Урганч давлат университетида 1 500 нафарга яқин чет эл фуқаролари (асосан Туркманистон Республикаси ёшлари) таҳсил олишади. Улардан қарийб 1 000 нафари айни дамда таълим муассасасининг «Талабалар турар жойи»да истиқомат қилади.

Бугунги пандемия шароитида талаба ёшларни оммавий спортга кенг жалб қилиш, икки халқ ёшлари орасида ўзаро маданий-дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган «Дўстлик» спорт фестивали доирасидаги тадбирлар эрта тонгдан оммавий бадантарбия машқлари ҳамда «Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам» лойиҳалари билан бошланди. Эрталабки оммавий жисмоний тарбия тадбирларида 600 нафарга яқин талаба фаол иштирок этди.