Франциянинг Страсбург шаҳрида теннис бўйича WTA турнири давом этмоқда.

Сайёрамизнинг бешинчи рақамли теннис маликаси Элина Свитолина мусобақанинг ярим финалига йўл олди. Украиналик теннисчи 1 соату 23 дақиқа давом этган чорак финал учрашувида рейтингнинг 54-поғонасидан жой олган швейцариялик Жиль Тайкманнни 6/4, 6/3 ҳисобларида мағлубиятга учратди.

Баҳс давомида 26 ёшли Свитолина 5 та эйс зарбани амалга оширди, 23 яшар Тайкманнда эса бу кўрсаткич нол кўринишида бўлди. Бу теннисчиларнинг ўзаро илк учрашуви эди. Свитолина ярим финалда чехиялик Катержина Синякова ёки беларуслик Арина Соболенкога қарши кортга чиқади.