Бугун Ўзбекистон фотографияси соҳасида ўз “муҳри” ва ўрнига эга мутахассис, ҳамкасблари орасида биринчилардан бўлиб ўзининг спортга оид асарлари кўргазмасини намойиш этган устозимиз Алимурод Мамадаминов 62 ёшга тўлдилар.

Буюк устозлардан сабоқ олиб, ўзи ҳам бугунги кунда кўплаб шогирдларга ўз билганларини улашиб келаётган Алимурод ака касбининг устазодаси. Шу пайтгача бу инсон ҳақида ҳеч ким салбий фикр билдирмаган, бундан кейин ҳам билдирмаслигига кафолат берамиз. Шундан ҳам Алимурод акага берилажак таърифлар қандай эканлигини билиб олиш мумкин.

Алимурод Мамадаминов ўзбекистонлик фото мухбирлар орасида биринчилардан бўлиб фақат спортга оид суратлардан иборат илк шахсий фото кўргазмасини кенг оммага намойиш этган. Ўша кўргазмага муаллифнинг фаолияти давомида тарихга муҳрланган энг сара асарлари қўйилганди.

Устозимиз Алимурод ака ҳақида узоқ гапириш, илиқ фикрларни билдириш мумкин. Барча ҳамкасблари, дўстлари, шогирдлари номидан бугун таваллуд айёмини нишонлаётган Алимурод Мамадаминовни унутилмас сана билан муборакбод этамиз. Фарзандлар, неваралар, шогирдлар бахтига ҳамиша соғ ва саломат бўлинг, Алимурод ака!