Ўзбeкистoн Рeспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 августдаги 480-сон “Олимпия захиралари коллежлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ

олимпия захиралари коллежлари, олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари ҳамда футбол маҳорат мактабларида карантин талабларидан келиб чиқиб, 2020/2021 ўқув йилида коронавирус пандемияси шароитида ўқувчилар ва ходимлар учун қулай ва хавфсиз бўлган таълим жараёнларини ташкил этиш, шунингдек, ўқувчилар ҳамда ходимлар саломатлигини таъминлаш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги спорт таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йили жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб амалга оширилади.

Спорт таълими муассасалари иш фаолиятини йўлга қўйишга муассаса раҳбари томонидан ўқувчиларни хавфсиз сақлаш учун тегишли шарт-шароитларни таъминлаш тўғрисида имзоланган кафолат хати ва Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларининг тегишли қарори мавжуд бўлган тақдирдагина рухсат берилиши белгиланди.

Спорт таълим муассасалари ўз фаолиятларини “Ўзбeкистон Рeспубликасида COVID-19 пандемияси даврида умумий ўрта таълим мактаблари ва ўрта махсус мактаб-интернатларининг фаолиятини ташкиллаштириш бўйича вақтинчалик санитария-эпидемиологик талаблар” (0375-20 СанҚваМ) ҳамда “Ўзбeкистон Рeспубликасида COVID-19 пандемияси даврида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича вақтинчалик талаблар” асосида амалга оширади.

Спорт таълим муассасаларида таълим жараёнлари ўқувчиларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, анъанавий ёки онлайн (масофавий) шаклда ташкил этилади.

Спорт таълим муассасаларида ўқишни анъанавий шаклда давом эттириш истагини билдирган ўқувчиларнинг ота-оналари (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)дан ёзма розилик талаб этилади, шунингдек, ўқувчиларга, соғлиғи тўғрисида маълумотномани тақдим этиши ҳамда уларнинг ота-оналаридан ёзма розилик олингандан сўнг, ўқишга келишларига рухсат берилади.

Жорий йилнинг 20 сентябридан бошлаб бошқа спорт базаларда (оромгоҳ, санатория) тасдиқланган санитария-гигиена қоидалари ва меъёрларига қатъий амал қилган ҳолда тегишли ташкилотларнинг рухсати билан ўқув-машқ йиғинларини ташкил этишга рухсат этилади.

Спорт таълим муассасалари тренер-ўқитувчилари томонидан ўзларига бириктирилган ўқувчиларга спорт машғулотлари жадвалидан келиб чиқиб, спорт турлари бўйича амалий машғулот вазифаларини вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилган видеороликлар кўринишида онлайн (масофавий) шаклда бериб бориш ва берилган вазифалар ҳамда нормативларни ўқувчилар томонидан бажарилишини назорат қилиб бориш йўлга қўйилмоқда.

Ишчи гуруҳ спорт таълим муассасаларининг 2020/2021 ўқув йили жараёни ва ўқув-машқ йиғинларини тасдиқланган санитария-гигиена қоидалари ва меъёрларига қатъий амал қилган ҳолда ташкил этилишини жойига чиққан ҳолда ўрганади ва доимий равишда назорат қилади.