Хабарингиз бор, юзага келган пандемия сабаб бутун дунёда Халқаро Олимпия куни онлайн тарзда нишонланди.

Шу жумладан, юртимизда ҳам. ZOOM платформаси орқали нишонланган мазкур тадбир видеолавҳа шаклида ХОҚга юборилди. Ўз навбатида, Халқаро Олимпия қўмитаси мамлакатимизда нишонланган тадбирга юқори баҳо берди ва бу борада кўрсатилган ташаббус учун ташаккурнома жўнатди. Хусусан, унда шундай дейилади:

“Ҳурматли жаноб Шоабдураҳмонов,

ХОҚ президенти Томас Бах Сизнинг 2020 йил 22 июнь куни йўллаган мактубингизни катта қизиқиш билан ўқиди. Фурсатдан фойдаланиб, Сизга ХОҚ раҳбари номидан миннатдорчилик билдиришга ижозат бергайсиз.

Ҳозирги мураккаб даврда Сизнинг раҳбарлигингиздаги МОҚ ўтказган «Олимпия куни» байрамини нишонлаш машаққатли иш. Менинг жамоам Сиз юборган видеолавҳани бутун дунёдаги Миллий олимпия қўмиталарини илҳомлантириш мақсадида NOCnet платформасига жойлади.

Мамлакатингиз спорт ва Олимпия қадриятларини тарғиб қилиш бўйича амалга ошираётган саъй-ҳаракатларида ёшларга алоҳида эътибор қаратиб, Олимпия йўриқномаси-2020да кўрсатилган таклифларга тўлиқ риоя қилди. Шундан келиб чиққан ҳолда Сиз ва бутун МОҚ жамоасини самимий қутлашга ижозат бергайсиз.

Мен ҳамкорлигимизнинг кейинги босқичларини ҳам катта қизиқиш билан кутиб қоламан«.

Ҳурмат билан,

Жеймс Маклеод
ХОҚ Халқаро алоқалар департаменти ва «Олимпия
бирдамлиги» дастури директори