Ўзбекистонда 28 июль куни соат 23:30 дан 29 июль куни соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 692 та ҳолат қайд этилди. Бу янги антирекорд ҳисобланади.

Ўзбекистондаги коронавирусдан аниқланган барча касалланиш ҳолатларининг 3 фоизи 29 июлга тўғри келди. Кетма-кет уч кундан буён антирекордлар янгиланмоқда. 27 июль куни кунлик касалланиш ҳолатлари илк бор 600 нафардан ошиб, 678 кишида касаллик қайд этилган бўлса, 28 июль куни 684 кишида коронавирус аниқланганди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 22585 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 131, «Дарё» ҳисоби бўйича 137 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi
Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

    96 нафари хориждан келиб карантинга олинганлар орасида;
    596 нафари тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида (Тошкент шаҳрида — 256 нафар, Тошкент вилоятида — 191 нафар, Сурхондарё вилоятида — 47 нафар, Наманган вилоятида — 30 нафар, Хоразм вилоятида — 19 нафар, Сирдарё вилоятида — 12 нафар, Фарғона вилоятида — 12 нафар, Қашқадарё вилоятида — 11 нафар, Андижон вилоятида — 11 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида — 4 нафар, Навоий вилоятида — 3 нафар) аниқланган.

Кун давомида 11 та ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолати кузатилди. Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларидагина янги беморлар қайд этилмади.

Тошкент шаҳрида 256 кишида коронавирус аниқланди.
Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ 29 июль давомида бугун Тошкент шаҳрида 4 нафар, Сирдарё вилоятида 1 нафар, жами 5 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этгани ҳақида хабар берди.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Яккасарой туманида яшаган 52 ёшли О.Т. исмли эркакда 19 июль куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланган ва Зангиота туманидаги Республика ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Беморнинг аҳволи асосий касаллик асоратлари ҳисобига кескин оғирлашиб, мутахассислар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Иккинчи ўлим. Ўзбекистон Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов 29 июль куни 55 ёшида вафот этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги кейинроқ вазир ўринбосарининг коронавирусдан вафот этганини тасдиқлади.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшаган 55 ёшли Ёрқин Турсунов 20 июль куни тана ҳарорати кўтарилган ва хусусий тиббиёт муассасаси шифокорларининг тавсияси асосида уй шароитида ва хусусий шифохонада даволанган.

27 июль куни эса ўта оғир ҳолатда Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, ўпка шиши, гипергликемик кома каби асоратлар билан кечган. Шунингдек, бемор қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка шиши, гипергликемик комадан вафот этган.

Учинчи ўлим. Сирдарё вилояти Оқолтин туманида яшаган 70 ёшли М.Т. исмли эркакда 15 июль кунидан тана ҳарорати кўтарилиб турган. 27 июль куни ҳолсизлик, бутун танада оғриқ кузатилганлиги сабабли Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшаган 48 ёшли Х.М. исмли эркак 13 июль куни Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасининг жонлантириш бўлимига оғир аҳволда ётқизилган. Беморга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Беморда касаллик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, терминал ўпка шиши, полиорган етишмовчилик асоратлари билан кечган. Шунингдек, беморда юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензиянинг 2-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар ҳам кузатилган.

Асосий касаллик асоратлари ҳисобига беморнинг аҳволи стабил оғир бўлиб, мутахассислар томонидан ўтказилган реанимацион чораларга қарамай, Х.М. ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка шиши, полиорган етишмовчиликдан вафот этган.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган 22 ёшли О.Х. исмли аёл 15–18 июль кунлари Тошкент шаҳар 9-сон туғруқ комплекси жонлантириш бўлимида 2-ҳомиладорлик, 2-туғруқ, ўткир камсувлик, икки томонлама пневмония ташхиси билан стационар шароитида даволанган.

18 июль куни беморда COVID-19 инфекцияси борлиги тасдиқланган. Шундан кейин у Тошкент шаҳар 3-сон туғруқ комплексига ўтказилган. Ушбу шифохонада О.Х.га COVID-19 инфекциясининг оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилиги асорати билан кечган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашган. О.Х. ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 131 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирус чалингач вафот этганлар сони 137 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 22 июлда Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов, Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. Бироқ ушбу олти ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган.

Айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 9 517 нафар бемордан 365 нафари оғир, 172 нафари эса ўта оғир аҳволда.  Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 16 июль куни биринчи марта 60 нафардан, 17 июль куни 80 нафардан, 18 июль куни 90 нафардан, 19 июль куни 100 нафардан 21 июль куни 130 нафардан, 23 июль куни 140 нафардан, 24 июль куни 170 нафардан, 25 июль куни 190 нафардан, 26 июль куни 210 нафардан, 27 июль куни 290 нафардан ошганди, энди эса уларнинг умумий сони 537 нафарга етди. Бир кун аввал аҳволи оғир беморлар 206 нафарни, аҳволи ўта оғир беморлар 91 нафарни ташкил этаётганди.
Касалликдан даволаниш

29 июль куни Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан даволанаётган беморларнинг 672 нафари тузалди. Биринчи марта соғайганлар сони 600 нафардан ошди ва янги рекорд ўрнатилди. Тузалганларнинг

    323 нафари Тошкент шаҳрида;
    148 нафари Тошкент вилоятида;
    93 нафари Сурхондарё вилоятида;
    29 нафари Сирдарё вилоятида;
    29 нафари Андижон вилоятида;
    19 нафари Фарғона вилоятида;
    17 нафари Наманган вилоятида;
    14 нафари Қашқадарё вилоятида касалликдан фориғ бўлган.