Коронавирус пандемияси сабаб карантин эълон қилинди.

Мана шундай ноқулай шароитда бўлса ҳам Паралимпиячиларимиз онлайн мусобақада куч синашдилар. Бугун бўлиб ўтган турнирда ядро улоқтириш бўйича турли классдаги пара-атлетларимиз юксак матонат кўрсатган ҳолда ўзаро баҳс олиб боришди. Биринчи бор Республика миқёсида ташкил қилинган онлайн мусобақада Ангрен, Андижон, Қўқон, Фарғона, Самарқанд, Навоий ва Тошкентдан бўлган спортчиларимиз ZOOM платформасида бирлашдилар. Беллашувларни МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов бошидан охиригача кузатиб борди. Шунингдек, баҳсларни Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раҳбарияти ва пара-енгил атлетика бўйича бош мураббий Сардор Абдухолиқов кузатувчиларга шарҳлаб боришди. Дарвоқе, мазкур турнир YouTube ижтимоий тармоғида жонли эфирда намойиш қилинди.

Натижаларга тўхталадиган бўлсак, 12 нафар иштирокчи қайд этган кўрсаткич сўнгги халқаро мусобақаларда Токио-2020 Паралимпия ўйинлари йўлланмаси учун етарли бўлган нуқтага ета олди. Улардан 4 нафари эса охирги ЖЧ совриндорлари қайд этган кўрсаткичга тенг бўлди. Бу эса сўнгги 4 ойда уй шароитида бўлса ҳам шуғулланишда давом этаётган пара-атлетларимизнинг тайёргарлиги юқори эканидан далолат беради.