Ўзбекистонда стол тенниси бўйича дастлабки тўгараклар ХХ асрнинг биринчи чорагида, аниқроғи 1923 йилда тузилган. Илк мусобақа эса 1926 йилда ўтказилган.

1952 йилдан бошлаб стол тенниси бўйича мусобақалар тизимли тарзда ўтказилиб келинган. Бу мусобақаларда А. Қодиров, Ю. Мохов, М. Шмуклер, Л.Грудский, С. Бурхонхўжаев, П. Ҳабибова,Н. Одинаев, А. Ким, Ф. Булатов ва Т. Матвеев каби стол теннисчиларимиз нафақат Ўзбекистон чемпионатида, балки халқаро турнирларда ҳам яхши натижаларга эришган.

1993 йилда мамлакатимиз стол тенниси федерация ташкил этилди ва ўша йили Халқаро стол тенниси федерацияси (ITTF)га аъзо бўлди.

1993 йилга қадар Ўзбекистон чемпионатида фақатгина Тошкент шаҳар терма жамоаси иштирок этган, қолган вилоятларда деярли ривожланмаган эди. Айнан шу йили терма жамоамиз бош мураббийи этиб Саидикром Бурханхўжаев тайинланди.
С.Бурханхўжаев биринчи навбатда ёш авлодни муносиб ўстиришга ҳаракат қилди ва республикамизнинг турли ҳудудларда кучли спортчиларни терма жамоа сафига жалб қилди. Бунинг натижасида, ака-ука Алберт ва Тимур Шириев (Андижон вилояти), Нилуфар Сотволдиева, Руслан Ўрозметов (Фарғона вилояти), Манзура Иноятова (Навоий вилояти), Севара Қодирова (Наманган вилояти), Саида Маҳмудова (Тошкент шаҳри ) Шаҳноза Очилова ( Бухоро вилояти) каби кучли теннисчилар етишиб чиқди.

Халқаро майдондаги илк муваффақиятимиз 1997 йилдан бошланиб, Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида Бутунжаҳон Ислом ўйинларида қизларимиз жамоавий баҳсларда олтин медалларни қўлга киритишган.

1998 йил Саида Маҳмудова Манзура Иноятова билан жуфтликда Россия Федерациясида бўлиб ўтган Бутунжаҳон ёшлар ўйинларида бронза медали совриндори бўлишди.

2004 йил Доха шаҳри мезбонлик қилган жаҳон чемпионати учинчи дивизионида Манзура Иноятова, Саида Маҳмудова, Светлана Гетадан иборат терма жамоамиз ғалаба қозонди.
Стол теннисчиларимиз орасида биринчи бўлиб Манзура Иноятова Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган. У 2004 йилда Греция пойтахти Афина шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган.

2004 йили Хитойнинг Ханчжоу шаҳри мезбонлик қилган ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Нодира Бурхонхўжаева бронза медалини қўлга киритган.

2014 йил Регина Ким Нанкин шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари иштирокчисига айланди.

2015 йилда Ўзбекистон стол тенниси федерацияси учун янги бир давр бошланди. Айнан шу йили федерациянинг янги низоми ишлаб чиқилди. Ундан кўрилган асосий мақсад замонавий, янгиланган стол тенниси федерациясини яратиш бўлди. Чунки, бунга қадар стол теннисчилар учун ҳеч қандай замонавий спорт базаси бўлмаган. Шароитлар анча яхшилангандан сўнг, натижалар ҳам ўса бошлади. Стол тенниси бўйича дастлабки мусобақалар фақатгина Тошкент шаҳрида ўтказилган. Эндиликда эса Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Андижон, Наманган, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Жиззах ва яна бошқа вилоятларимизда ҳам ички ва халқаро турнирлар узлуксиз равишда ўтказилиниб келинмоқда. Стол теннисига берилаётган эътибор сабаб йилдан йилга бу спорт билан шуғулланувчилар сонини республикамизнинг барча ҳудудларида ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Бунинг натижасида республикамизнинг энг чекка ҳудудларидан ҳам маҳоратли спортчилар етишиб чиқди. Ҳозирги вақтга келиб 24 мингдан ортиқ стол теннисчилар узлуксиз шуғулланиб келмоқда.

2016 йилда Зоҳид Кенжаев Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ХХХI ёзги олимпия ўйинларида иштирок этди. Кенжаев 2016 йил Қозоғистон Республикасининг 25 йиллигига бағишланган халқаро турнирда олтин медал соҳиби бўлган ҳамда Италия, Латвия, Украина, Германия очиқ чемпионатларида ҳам муваффақиятли қатнашди. Ҳамюртимиз айни вақтда Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХXII ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олиш учун жиддий тайёргарлик кўрмоқда.

2016 йил терма жамоамиз Малайзияда ўтказилган жамоавий жаҳон чемпионатининг 3-дивизионида иккинчи ўринни қўлга киритди.

2017 йилда Розалина Хаджиева Португалия Про мусобақасида муваффақиятли иштирок этиб, фахрли учинчи ўринни қўлга киритган.

Шунингдек, Римма Гуфранова, Розалина Хаджиева, Қутбидилло Тешабоев, Моҳирўй Камалова, Мақсуд Рустамов, Мархабо Магдиева, Жамшид Рахимберганов, Румия Лутфулина каби ёш ва иқтидорли стол теннисчиларимиз “German Open”, “Belarus Open”, “Ukraine Open”, “Swedish Open”, “Russian Open” ва бошқа халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, кўплаб медалларга эга чиқиб келишмоқда.