Ўзбек стол тенниси ХХ асрнинг бошларида, 1923 йилда дастлабки стол теннис тўгараклари тузилди. Стол тенниси бўйича илк мусобақа 1926 йилда ўтказилган.

1952 йилдан бошлаб стол тенниси бўйича мусобақалар тизимли тарзда ўтказилиб келинган. Бу мусобақаларда бир қатор кучли стол теннисчилар: А. Қодиров, Ю. Мохов, М. Шмуклер, Л.Грудский, С. Бурхонхўжаев, П. Ҳабибова,Н. Одинаев, А. Ким, Ф. Булатов ва Т. Матвеэв каби стол теннисчиларимиз нафақат Ўзбекистон чемпионатида, балки халқаро турнирларда ҳам яхши натижаларга эришган.

Ўзбекистон Республикасининг мустақилликка эришганидан сўнг, – 1993 йилда мамлакатимиз стол тенниси федерация ташкил этилди ва ўша йили Халқаро стол тенниси федерацияси (ITTF)га аъзо бўлди.

1993 йилга қадар Ўзбекистон чемпионатида фақатгина Тошкент шаҳар терма жамоаси иштирок этган, қолган вилоятларда умуман ривожланмаганди. Айнан шу йили терма жамоамиз бош мураббийи этиб Саидикром Бурханхўжаев тайинланди. Унинг олдида стол теннисини бутун республика бўйлаб оммалаштириш вазифаси юклатилди.

С.Бурханхўжаев биринчи навбатда ёш авлодни ўстиришга ҳаракат қилди ва республикамизнинг турли ҳудудларда кучли спортчиларни терма жамоа сафига жалб қилди. Бунинг натижасида, ака-ука Алберт ва Тимур Шириев (Андижон вилояти), Нилуфар Сотволдиева, Руслан Ўрозметов (Фарғона вилояти), Манзура Иноятова (Навоий вилояти), Севара Қодирова (Наманган вилояти) Саида Маҳмудова (Бурхонхўжаева) (Тошкент шаҳри ) Шаҳноза Очилова( Бухоро вилояти) каби кучли теннисчилар етишиб чиқди.

Халқаро майдондаги илк муваффақиятимиз 1997 йилдан бошланиб, Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида Бутун жаҳон Ислом ўйинларида стол теннисчи қизларимиз жамоавий баҳсларда олтин медални қўлга киритишган.

1998 йил Саида Маҳмудова (Бурхонхўжаева) Манзура Иноятова билан жуфтликда Россия Федерациясида бўлиб ўтган Бутунжаҳон Ёшлар ўйинларида бронза медали совриндори бўлишди.

2004 йил Доха шаҳри мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида учинчи дивизионида Манзура Иноятова, Саида Маҳмудова (Бурхонхўжаева), Светлана Гетадан иборат терма жамоамиз олтин медалга эга чиқишган.

Стол теннисчиларимиз орасида биринчи бўлиб Манзура Иноятова олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган. У 2004 йилда Греция пойтахти Афина шаҳрида бўлиб ўтган ёзги олимпия ўйинларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган.

2004 йили Хитойнинг Ханчжоу шаҳри мезбонлик қилган ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Нодира Бурхонхўжаева бронза медалини қўлга киритган.

2014 йил Регина Ким Нанкин шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи ёзги ўсмирлар олимпия ўйинларида иштирок этиш учун лицензияни қўлга киритган.

2015 йилда Ўзбекистон стол теннис федерацияси учун янги бир давр бошланди. Айнан шу йили федерациянинг янги низоми ишлаб чиқилди. Янги низомдан кўрилган асосий мақсад замонавий, янгиланган стол теннис федерациясини яратиш бўлди. Чунки, бунга қадар стол теннисчилар учун ҳеч қандай замонавий спорт базаси бўлмаган. Шароитлар анча яхшилангандан сўнг, натижалар ҳам секинлик билан ўса бошлади. Стол теннис бўйича дастлабки мусобақалар фақатгина Тошкент шаҳрида ўтказилган, эндиликда эса Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Андижон, Наманган, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Жиззах ва яна бошқа вилоятларимизда ҳам ички ва халқаро турнирлар узлуксиз равишда ўтказилиниб келинмоқда. Стол теннисга берилаётган эътибор йилдан — йилга бу спорт билан шуғулланувчилар сонини республикамизнинг барча ҳудудларида ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Бунинг натижасида республикамизнинг энг чекка ҳудудлари: Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах вилоятларидан Ўзбекистон ва халқаро мусобақалар ғолиблари етишиб чиқди. Ҳозирги вақтга келиб 24 мингдан ортиқ стол теннисчилар узлуксиз шуғулланиб келмоқда.

2016 йилда Зоҳид Кенжаев Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ХХХI ёзги олимпия ўйинларида иштирок этди. З.Кенжаев 2016 йил Қозоғистон Республикасининг 25 йиллигига бағишланган халқаро турнирда олтин медал соҳиби бўлган ҳамда Италия, Латвия, Украина, Германия очиқ чемпионатларида бир неча марта ғолибликни қўлга киритган. Ҳамюртимиз айни вақтда Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХXII ёзги олимпия ўйинларига жиддий тайёргарлик кўрмоқда.

2016 йил стол теннис терма жамоамиз Малайзияда ўтказилган Жамоавий жаҳон чемпионатининг 3-дивизионида кумуш медалга сазовор бўлишди.

2017 йилда Розалина Хаджиева Португалия Про мусобақасида муваффақиятли иштирок этиб, фахрли учинчи ўринни қўлга киритган.

Шунингдек, Римма Гуфранова, Розалина Хаджиева, Қутбидилло Тешабоев, Моҳирўй Камалова, Мақсуд Рустамов, Мархабо Магдиева, Жамшид Рахимберганов, Румия Лутфулина каби ёш ва иқтидорли стол теннисчиларимиз “German Open”, “Belarus Open”, “Ukraine Open”, “Swedish Open”, “Russian Open” ва бошқа халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, кўплаб медалларга эга чиқиб келишмоқда.